24 МАЙ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КАДРЛАР БЎЛИМИ ХОДИМЛАРИ КАСБ БАЙРАМИ!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 925 – сон қарори билан  Қорақалпоғистон Республикасининг саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг базавий тармоқларида юқори малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Навоий давлат кончилик институти  Нукус филиали ташкил этилган.

Филиалда дирекция, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат, Мониторинг ва ички назорат, Ўқув-услубий, Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педогогик кадрлар тайёрлаш, Буюртмалар портфелини шакллантириш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва мониторинг бўлими, Тўлов-контракт асосида ўқитиш бўйича шартномаларни расмийлаштириш ва ҳисобга олиш, Халқаро ҳамкорлик бўлими,  Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, Ахборот технологиялари маркази, Матбуот хизмати, Ахборот тизимларини жорий этиш, тармоқларни бошқариш, Ахборот-кутубхона ресурслари билан хизмат курсатиш, Илмий-услубий ва ахборот-маълумот (даврий нашрлар) бўлими, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўлими, Электрон-ахборот ресурслари бўлими, Таълим сифатини назорат қилиш, Режа молия, Бухгалтерия, Ходимлар бўлими, девонхона ва архив, Ўқув-ёрдамчи ходимлар, Ўқитишнинг техник воситалари, Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси, Техник-фойдаланиш ва хўжалик бўлимлари мавжуд бўлиб, уларда  жами 43та ходим фаолият кўрсатмоқда. Шулардан, 17таси хотин-қизлар ташкил этади. Шу йили май ойида 5та вакант лавозим мавжуд бўлиб, Нукус шаҳар бантликга кўмаклашиш марказига ва филиал сайтига ҳар ойда маълумот жойлаштириляпти. Филиал меҳнат жамоаси  асосан ёшлардан иборат. Шулардан 5та фан номзоди, доцентлар, катта ўқитувчи ва ассистент жами 8та профессор-ўқитувчилар талабаларга таълим бермоқда. Илмий салоҳият 33,3%ни ташкил этади.

Филиални республика ҳамда халқаро миқёсда нуфузини ошириш, юқори рейтинг кўрсаткичига эга бўлиш учун илмий салоҳиятини кўтариш, филиалга илмий-изланишга қизиқадиган ўз устида доимий ишлайдиган педагог-кадрларни қабул қилиш ва тайёрлаш, сифати ва сонини оширишни ўз  олдимизга муҳим вазифа этиб белгилаганмиз.

 

Б.Дуримбетова,

Филиал кадрлар бўлими инспектори.

Ибройим Юсупов (1929-2008)

Ибройим Юсупов (1929–2008) ижоди ХХ асрнинг иккинчи ярми – XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адабиёти тарихида ёрқин саҳифани ташкил қилади.

Ибройим Юсупов 1929 йили Чимбой туманидаги Озод қишлоғида таваллуд топди. 1949 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битиргач, 1961 йилгача шу олий даргоҳда ўқитувчи бўлиб ишлади. 1961–1962 йилларда “Амударё” журналининг бош муҳаррири, кейинги уч йил мобайнида Нажим Дав-қораев номидаги тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1965–1980 йилларида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 1980–1988 йилларда “Эркин Қорақалпоғистон” (собиқ “Совет Қорақалпоғистони”) газетасида бош муҳаррир, шунингдек, кейинги йилларда Тинчлик қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлимига (1988–1994), Республика Маънавият ва маърифат марказига (1994–2000) раислик қилди.

Унинг шеърлари 40-йилларда матбуотда эълон қилина бошланди. Болалигида қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналарини, Шарқ адабиётлари ҳамда мумтоз адабиётимиз намояндаларини, талабалик йилларида эса рус ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиб, уларнинг асарларидаги бадиият сирларини қунт билан ўрганди. Шоир ўзининг илк асари “Ватаним” шеъри эълон қилинган пайтдан (1946) бошлаб, шу бугунгача “Бахт лирикаси” (1955), “Кунчиқар йўловчисига” (1959), “Ўйлар” (1960), “Етти наво” (1962), “Дала орзулари” (1966), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” (1971), “Тўмарис” (1974), “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё” (1987), “Тузли шамоллар” (1988), “Кўнгилдаги кенг дунё” (1989), “Беклигингни бузма сен…” (1995), “Ҳар кимнинг ўз замони бор” (2004) каби шеърий тўпламларини нашр эттирди. Унинг икки жилдлик “Танланган асарлар” тўпламлари икки маротаба – 1978–79 ва 1992 йилларда нашр қилинган. Турли йилларда чоп этилган тўпламларда шоирнинг “Ўртоқ муаллим”, “Акация гуллаган ерда”, “Актрисанинг иқболи”, “Гиламчи аёл”, “Эски фаввора эртаги”, “Дала армонлари”, “Тўмарис”, “Булбул уяси”, “Фаришта ой”, “Посейдоннинг ғазаби”, “Ватан тупроғи” ва бошқа достон (поэма)лари эълон этилган.

Ибройим Юсупов наср ва драматургия соҳасида ҳам қалам тебратди. 1963 йилда унинг “Қари тутнинг кузи” номли ҳикоялар, очерк ва публицистик мақолалар тўплами босмадан чиқди. Шоир “Қирқ қиз” пьесасини, (Амет Шомуратов билан биргаликда), 1966 йилда “Ўмирбек лаққи” комедиясини, 1986 йили “Искандар подшонинг туши” драмасини, 1973 йили “Ажиниёз” операси либреттосини яратди.

Ибройим Юсупов адабий таҳлил, шеъриятнинг мунозарали муаммолари, бадиий таржима масалаларига бағишлаб бир қанча мазмундор мақолалар ёзиб, ҳозирги замон қорақалпоқ адабиётшунослиги фанига ҳам улкан ҳисса қўшди. Унинг “Лирика ҳақида мунозара” (1956), “Урушдан кейинги қорақалпоқ поэзияси” (1956), “Халқ шоири Аббоз Добилов” (1958), “Дала Орфейи” (1957), “Қорақалпоғистон – Маҳтумқулининг иккинчи шоирлик ватани” (1958), “Маҳтумқули ва қорақалпоқ адабиёти” (1957), “Маҳтумқули асарларини таржима қилишдаги баъзи бир англашилмовчиликлар ҳақида” (1983) каби мақолалари шулар жумласидандир.

Шоир Ўзбек адабиёти билан абадий дўстлик мавзуси Ибройим Юсупов ижодидаги энг ёрқин саҳифаларни ташкил қилади. У ижодкор, таржимон, матбуот ходими, жамоат арбоби сифатида ўзбек адабиёти ва маданиятининг йирик вакиллари билан дўстлашди, ижодий мулоқотларда, сафарларда бирга бўлди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия, Комил Яшин, Ҳамид Ғулом, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон сингари ижодкорлар билан ижодий муносабатлари ҳар доим янги-янги мазмун ва ибратли воқеалар билан бойиб борди. Унинг ўзбек тилида “Булоқлар қайнайди” (1960), “Олтин қирғоқ” (1962), “Саҳро орзулари” (1967), “Чўл тўрғайи” (1972), “Раҳмат сенга, замоним” (1979), “Қоратол” (1988), “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” (2009) каби шеърий тўпламлари чоп этилган бўлса, рус тилида “Песни горного ручья” (1960), “Меридианы сердца” (1966), “Глаза яширицы” (1973), “Стихи” (1976), “Звон стремени” (1981), “Стремлюсь всей душой” (1986), тўпламлари қирғиз ва туркман тилларида бир қатор китоблари нашр қилинди. Унинг шеърлари қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.

Унга Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони берилди. Бердақ номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилди. У узоқ йиллар мобайнида Ўзбекис-тон ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Мажлисларига депутатликка сайланди. Шоир Ўзбекистон Республикасининг “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари, бир қатор ҳукумат фахрий ёрлиқлари ва медаллари билан мукофотланди. Унга 2004 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони берилди.

 

АЙТ СЕН АЖИНИЁЗНИНГ ҚЎШИҚЛАРИДАН

 

Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан,

Йиғласин ёр ишқи бағрин тешганлар,

Бўзласин юртидан айри тушганлар,

Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Созин сабо ёдлаб, сўзин ел билган.

Бир шоир дунёга келдию кетди,

Мажнунтол ортидан ойга термулган,

Бир дилбар тушимга кирдию кетди.

Қўшиқ дарё-дарё нур бўлиб оқсин,

Севгисиз қалбларга ишқ ўтин ёқсин,

Қиз йигитга жилва-ноз билан боқсин,

Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Айт сен “Бўзатов”ни нағмага солиб,

Дили ёнмаганнинг бағри тош бўлсин,

Қорақалпоқнинг кўҳна дарди қўзғалиб,

Бу кунга боққани сари маст бўлсин.

Шоир кезган чўлда бўстонлар қатор,

Бекор бўлиб кетди замон нобакор,

Бир илҳом парисин кўрдим ишвакор,

Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Мен уни тингласам қолмай тоқатим,

Кўнглимда сайраган мастона булбул.

Мен уни тингласам туққан элатим,

Ер жаннати бўлиб кўрингай буткул.

Юлдузларни ерга қаратмоқ бўлсанг,

Ёмон шоирларни уялтмоқ бўлсанг,

Агар мен ўлганда тирилтмоқ бўлсанг,

Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

 

Абдулла Орипов таржимаси

2021 ЙИЛ ЯНВАРЬ-МАРТ ОЙЛАРИ ДАВОМИДА ФИЛИАЛДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЁЗМА ВА ОҒЗАКИ МУРОЖААТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ БЎЙИЧА МАЪЛУМОТ

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни (11.09.2017 й. ЎРҚ-445) асосида ишлар амалга оширилмоқда.

Филиалда фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларини қайд этиб бориш учун иккита қайд дафтари юритилмоқда. Филиалда 2021 йил январь-март ойларида жисмоний ва юридик шахсларнинг жами 6 та мурожаатлари қайд этилган бўлиб, шундан оғзаки мурожаатлари 6 та, ёзма мурожаатлар келиб тушмаган. Филиалга келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Филиалда энг кўп мурожаатлар тушаётган масалалар бўйича ўтказилган таҳлиллар натижасида қўйидагилар аниқланди: Бўш иш ўринлари ва ишга жойлашиш бўйича 6 та мурожаат қайд этилган бўлиб, уларнинг хаммаси  оғзаки мурожаат қилган.

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали Нукус шаҳар бандликга кўмаклашиш марказига охирги марта 2021 йил 25 март куни берилган мавжуд бўлган иш жойлари (вакант лавозимлар) бўйича ҳисоботида филиалда бўш турган “Халқаро хамкорлик бўлими услубчиси” лавозимига ва Бухгалтерия бўлимига “бош бухгалтер” лавозимига муносиб ходимни ишга қабул қилиш учун ушбу лавозимда ишлаш истагини билдирган номзод мурожаат қилишлари мумкинлиги филиал сайтида эълон қилинган.

А.Акимова,

Филиал девонхона мудири.