Сайловларда фуқаролар фаоллиги муҳимдир

Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, яратувчанлик руҳида яшаши ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланиб улгурди. Бугунги кунда фуқароларимиз нафақат ислоҳотлар иштирокчиси, балки ташаббускорига айланиб бормоқда.

Сайловлар мана шундай фаол фуқаролик позициясини намоён қилишнинг муҳим воситаси, демократик тизимнинг устунларидан бири ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда, давлат органларини демократик тарзда шакллантиришга ўз хоҳиш иродаларини билдириш орқали иштирок этади.

Хўш, демократик жамиятда сайловнинг ўрни қандай? Демократия бу, тенг ҳуқуқли инсонлар гуруҳидир, шундай экан ҳар бир сайловчининг сайловда иштироки ҳам, уларга овоз бериш ёки бермаслик ҳам тенг ҳуқуқли ва ихтиёрийдир.

Маълумки, жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан нафақат бир қатор қонунларга, балки, Бош қомусимиз ҳисобланган Конституцияга ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Унга мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи эмас, балки октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ масалалар алоҳида ҳуқуқий тартибга солинган.

Давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан дўстона, яқин муносабатларга киришиши ва ҳалқаро нуфузи ошиб бораётганлиги, қонунларимизнинг халқаро умумэътироф этилган нормаларига мувофиқлаштириб борилаётганлигининг тасдиғи сифатида, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида ҳам бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар жумладан, сайлов комиссияларининг номзодларни сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилиши ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилишида кўриши мумкин.

Бундан ташқари, миллий экспертлар тавсиялари билан ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилди.

Умумий тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови фуқароларнинг овоз беришига асосланади. Овоз бериш – ҳар бир фуқаронинг давлат раҳбарини сайлашдек конституциявий ҳуқуқини реализация қилишнинг шаклидир. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги Сайлов кодекси билан кафолатланади.

Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир.

Умуман олганда, сайловларда қатнашаётган сайловчиларнинг доимий равишда ўз сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириб бориши уларнинг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштироки, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет тармоғи орқали доимий ёритилаётган сайлов жараёни билан боғлиқ янгиликларга бепарво бӯлмаслиги давлатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг натижаси ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Шунинг учун давлатимизнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро сайлов жараёнларида фаол иштирок этиши муҳимдир

 

Қ.Юсупов,  

Навоий давлат кончилик институти  

Нукус филиали директори ӯринбосари.

ЎзА