Фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси янги босқичга кўтарилади

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишларига ҳамда халқаро стандартларнинг талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, таълим, илм-фанга жуда катта эътибор берилаётганлиги илмий жамоатчиликни чексиз қувонтирмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари соҳадаги 4 та устувор вазифани кўрсатиб ўтди:

Биринчиси – олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш.

Иккинчиси – ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш.

Учинчиси – олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.

Тўртинчиси – профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Бу вазифаларни самарали бажариш учун олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши таъкидланди.

Хусусан, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мисол учун, 24 та олий ўқув юртининг илмий салоҳияти 25 фоизга ҳам етмаслиги, 19 тасида бирорта профессор ва фан доктори йўқлиги танқид қилинди. Шу боис, Президентимиз келгуси йилдан докторантурага квоталар сонини 2 баравар кўпайтириш, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб боришга кўрсатмалар берди.

Ҳақиқатдан ҳам, бажарган ишларимизни бугунги кун талаби даражасида деб бўлмайди. Зеро, юртбошимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар нафақат таълимнинг ривожланиши, балки, тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берадиган фан-таълим-ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиришнинг замонавий дастури сифатида ҳам эътироф этиш мумкин. Ушбу дастурнинг ҳаётга тадбиқ этилиши эса истиқболда ҳар бир олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида илмий тадқиқот ва инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштиришнинг аниқ механизмлари яратилишига, илмий тадқиқотларни ишлаб чиқаришга қўллаш самарадорлиги ортишига хизмат қилади.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасининг саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг базавий тармоқларида юқори малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалида Президентимиз томонидан мазкур учрашувда белгилаб берилган устувор вазифалар ва уларнинг ижроси масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2020 йил 8 июндаги «Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2021 йил 21 апрелдаги «Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хом ашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари асосида институтнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги геологик тузилмаларини янада чуқур ўрганиш ва ер остидаги фойдали қазилмаларни халқ хўжалигида оқилона фойдаланиш,  конларнинг жойлашуви, фойдали қазилма захирасидан келиб чиқиб чет эл инвестицияларини жалб қилиш борасида самарали ишлар амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Бӯзатов, Беруний ва Қораўзак туманларидаги конлар ўрганиб чиқилмоқда ва таклифлар тайёрланмоқда.

Албатта, соҳага қаратилаётган бундай эътибор давлатимизнинг олий таълим соҳасида янги босқични бошлаб берди. Демак, биз илм ва таълим соҳаси вакилларининг бундай ғамхўрликка барча билим ва тажрибаларимизни ишга солган ҳолда муносиб  жавоб беришимиз лозим. Вақтнинг ўтиши билан бундай машаққатли ишлар ўзининг ижобий натижасини беришига тўлиқ ишонамиз.

Атабек Каипбергенов,  

Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори, техника фанлари доктори, доцент.

ЎзА