ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШДА ХОТИН –ҚИЗЛАР УЧУН ЯРАТИЛГАН ИМКОНИЯТЛАР ВА ИМТИЁЗЛАР

Янги Ўзбекистон  шароитида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг сифатли олий таълим олиши, илм-фан сирларини чуқур эгаллаши учун барча шарт-шароитларни яратиш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида  2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда қизлар учун алоҳида давлат грантлари асосидаги қабул кўрсаткичларининг ажратилишини таъминлаш вазифаси қўйилганлиги ҳам фикримизнинг яққол ифодасидир.

Сўнгги 3 йилда олий таълимнинг кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклида ўқиш имкониятлари яратилганлиги, хотин-қизлар учун алоҳида имтиёзлар берилаётганлиги боис, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-қизларнинг улуши кескин ошди.

Муҳими, айрим соҳалар  “аёллар учун эмас”  деган тушунчалар бартараф этилиб, қизларнинг ишлаб чиқариш ва техника, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, кимё-технология, кон-металлургия, машинасозлик каби   соҳаларига қизиқишлари ортди.

Кўрсаткичларнинг бундай ошиб боришида табиийки,  хотин-қизларни олий таълим билан қамровини кенгайтиришга мақсадида давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзларнинг ўрни беқиёс.

2020/2021 ўқув йилида шу вақтга қадар бўлмаган имтиёз  –  олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун алоҳида квоталар ажратилиб,  940 нафар  хотин-қизларнинг  ўқишга қабул қилиниши минглаб оилаларга қувонч олиб кирди.

Жорий йилда ушбу кўрсаткич  2 баробарга оширилиб, 2000 нафарни ташкил этиши белгиланди ҳамда республика олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим  шакли бўйича умумий белгиланган  давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан хотин-қизлар учун  қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг  ҳудудлар кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.

Бу республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи икки мингта эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинди, дегани.

Бу – эҳтиёжманд оилада катта бўлган 2 000 нафар қизнинг орзулари рўёбга чиқди дегани,   келажагига умид боғланди дегани.

Уларнинг келажакда фаровон  турмуш кечиришига замин яратилди дегани.

 

Хотин-қизлар ушбу имтиёз билан чекланиб қолмасдан, балки  бошқа тоифадаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш орқали олий ўқув юртига кириш имкониятларини кенгайтиришлари мумкин.

Жумладан,

Ногиронлиги бўлган шахслар учун,

Қуроли Кучлар таркибига кирувчи идоралар ходимларининг фарзандлари учун,

Ички ишлар  органларининг амалдаги  ходимлари фарзандлари учун,

Меҳрибонлик уйи ва болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун,

Шунингдек, спорт мусобақаларининг ғолибларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда хотин-қизларнинг улуши катта қисмни ташкил қилиши  табиий.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг чекка туманларида барча соҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий омили ҳисобланади. Шу мақсадда ўтган йили Фарғона вилоятининг Сўх туманида яшовчи  ёшлар учун  бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича 500  та мақсадли қабул параметрлари ажратилди.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ, Самарқанд вилояти Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш ҳамда таълим тизимида кадрлар қўнимсизлигини камайтириш мақсадида бакалавриятнинг кундузги таълим шаклида педагогика йўналишлари  бўйича бериладиган  қўшимча 100 та давлат гранти асосидаги мақсадли қабулда ҳам хотин-қизларнинг улуши катта қисмини эгаллаши шубҳасиз.

Таълимда нодавлат секторнинг ривожланиши соғлом рақобат муҳитини кучайтиради. Шу боис, бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг  филиаллари, нодавлат олий таълим ташкилотлари сони тобора ортиб бормоқда. Олий таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар эса, ёшларнинг айнан мазкур таълим муассасаларида ўқишга бўлган қизиқишларини оширмоқда.

Президент қарори билан бу йил илк маротаба Ўзбекистондаги хорижий ва хусусий олий таълим муассасаларида ҳам грант асосида ўқишга кириш  имконияти яратилди.  Бу табиийки, иқтидорли, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган қизларимиз учун яна бир имконият эшигини очади.

Республикамизда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларига 500 та давлат гранти асосида жой ажратилди.  Ушбу рўйхатда 19 та олий таълим муассасалари номлари қайд этилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент Халқаро Вестминстер университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали, Тошкент шаҳридаги Ёджу институти, Қўқон университети шулар жумласидандир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, олий таълим муассасаларини тамомлаб,  магистратура  босқичида ўқишини давом эттирган талаба-қизлар сонининг ҳам 2017-2021 йилларда ўсиши кузатилди.  Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2017 йилда 1632 нафар нафарни ташкил этган бўлса,  2020/2021 ўқув йилида уларнинг сони 12855 нафарга етди.

Ҳозирда магистратура босқичида таҳсил олаётган 29918 нафар талабаларнинг  43 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши  яхши кўрсаткич.

2021 йил 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари   томонидан бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринлари мавжудлиги таъкидланди, лекин битирувчилар сон жиҳатидан ҳам, малака бўйича ҳам бу талабни қондира олмаслиги жиддий танқид  қилинди.

Шундай экан, бугун олий ўқув юртларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшларга, айниқса хотин-қизларга  тушунтириш,тўғри йўл кўрсатиш орқали  мазкур соҳаларни ривожлантиришга  қаратилган  бакаврият таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини  тарғиб қилиш,  олий ўқув юртларида  эса чуқур билим  ва малакага эга бўлган мутахассисларни тайёрлашнинг самарали механизмларини аниқлаш ҳамда  амалиётга жорий этиш олдимиздаги энг муҳим   вазифамиздир.

Манба: https://www.edu.uz/uz/news/view/2679