Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Ёшларни ўз устида мунтазам ишлашга ундаш ҳамда билимли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти (кейинги ўринларда – Президент гранти) жорий қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

а) давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, таълим соҳалари кесимида, таълим олиш тилидан қатъи назар, республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Президент грантига даъвогар бўлади.

Бунда:

Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади;

муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади;

б) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасасига ўқишга киришда қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган балига қўшиб берилган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди;

в) Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари ва танлов тўлиқ якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади;

г) Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;

д) Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади;

е) ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади.

Бунда талабага:

Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди;

ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади;

навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади;

ж) ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар рўйхатини ҳар йили кириш имтиҳонлари тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда таълим соҳалари бўйича олий таълим муассасалари ва бакалавриат таълим йўналишлари кесимида шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритиб борсин.

4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи Президент гранти совриндорларини танлов асосида аниқлаш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

а) танловда иштирок этиш учун олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган Президент грантига даъвогар талабага унинг ўқиш давридаги ютуқлари, жумладан, илмий-тадқиқот фаолияти, ташаббускорлиги, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирганлиги, намунали хулқ-атворга, соҳаси бўйича зарур билимга ҳамда республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини билдира олиш кўникмаларига эга эканлиги каби шахсий фазилатлари бўйича тавсифнома бериш;

б) Президент грантига даъвогар талабаларга қуйидаги минимал талабларни қўйиш:

ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференция (танлов)ларда иштирок этиш;

ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос камида иккита илмий-тадқиқот иши (асар)ни эълон қилиш;

давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) ва Ўзбекистон тарихини билиш.

5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 6 июль