Президент Қарори ва Фармонига шарҳ (+видео)

2021 йил 1 майдан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тасдиқланди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб:

-Профессионал таълим ташкилотларининг “Ёшлар дафтари”га киритилган ўқувчи-ёшларига корхоналарда амалиёт ўтган вақти учун 6 ой давомида ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг икки баравари ( 490 минг сўм) миқдорида Давлат бюджетидан субсидия ажратилади.

-Талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари (245 минг сўм), қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 баравари (122 минг сўм)дан ошмаслиги лозим.

Ушбу имконият давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган, фаол талабалар учун татбиқ этилади.

2021 йил 1 июндан бошлаб:

– давлат олий таълим муассасаларига 10 тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади;
-давлат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшлари ОТМда ташкил этилган фан ва спорт тўгаракларига бепул жалб қилинади.