ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ

Мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён арафасида, яъни 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бугунги кунда аҳоли ўртасида, айниқса ёшлар ўртасида сайлов қонунчилиги, сайлов жараёни ҳақида маълумотлар бериш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Шундай тадбирларнинг бири жорий йилнинг 7 октябрь куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида бўлиб ўтди. Тадбирни филиалнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Қ.Юсупов олиб борди. Унда республикамиздаги барча сиёсий партияларнинг масъул ходимлари иштирок этишиб, ўзларининг сайловолди дастурлари билан таништириб ўтдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар сайлов натижалари Ўзбекистон келажаги, юртимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлашга бевосита дахлдор эканлигини таъкидлаб, барчани сайловда фаол иштирок этиб, ўзларининг конституциявий бурчларини бажаришга даъват этди.

Ҳақиқатдан ҳам демократия кўзгуси ҳисобланган бу сиёсий жараённи юқори савияда, қонунчилик талаблари ва халқаро стандартлар талаби даражасида ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг сайловда фаол иштирокини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Филиал Матбуот хизмати.