ҚАРОР ВА УНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Шу йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 563-сонли қарори қабул қилинган. Қарор юртимиз олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш, барча қулайликларга эга бўлган замонавий талабалар турар жойларини қуриш учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган бўлиб, қўйидагиларни белгилайди:

талабалар турар жойларини барпо этиш лойиҳаларини тадбиркорлик субъектининг ўз маблағлари ҳисобидан эркин келишиладиган шартлар асосида молиялаштириш;

талабалар турар жойларини барпо этиш лойиҳаларини тадбиркорлик субъекти ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аралаш молиялаштириш;

талабалар турар жойларини барпо этиш лойиҳаларини тадбиркорлик субъектининг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан белгиланган шартлар асосида молиялаштириш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати тугаган ва тарафлар ўртасида битимни узайтириш бўйича келишувга эришилмаган тақдирда, талабалар турар жойи тегишли давлат олий таълим муассасаси ихтиёрига ўтказилади;

давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш бўйича лойиҳаларда давлат шериги ҳисобланади;

хусусий шерик томонидан барпо этиладиган талабалар турар жойларида қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади (алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган кўнгилочар масканлар фаолиятини ташкил этиш бундан мустасно).

Давлат олий таълим муассасаларига ўқув ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қисман молиялаштиришга рухсат берилади.

Қуйидагиларга рухсат берилган:

давлат олий таълим муассасалари тузилмасида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан сақланадиган тўрттагача штат бирлигидан иборат талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлим ташкил этиш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги марказий аппарати тузилмасида давлат-хусусий шериклик асосида ва тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда молиялаштириладиган лойиҳаларни мувофиқлаштирувчи Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча учта штат бирлигидан иборат бўлим ташкил этиш.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб талабалар билан ишлаш бўйича «гуруҳ мураббийи» институти бекор қилиниб, давлат олий таълим муассасалари 1-3-курс талабаларининг маънавий ва ижтимоий ҳолатини доимий равишда таҳлил қилиб борувчи, мавжуд муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи тьюторларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган. Бунда:

ҳар 120 — 150 нафар талабага 1 та штат бирлиги ҳисобида «Тьютор» лавозими киритилсин ҳамда унинг ойлик маоши «Ўқитувчи-стажёр» базавий лавозим маошига тенглаштирилиши;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» маркази тузилмасида амалдаги штатлар доирасида учта штат бирлигидан иборат Тьюторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўлими ташкил этилиши назарда тутилган.

З.Аметова,

Навоий давлат кончилик институтининг

Нукус филиали юрисконсульти.