“Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди

Шу йилнинг 25-август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида республикамизда ташкил этилган “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Д.Каримов сўзга чиқиб, “Келажак лидерлари” клуби аъзоларини табриклади ва келажакда уларнинг ўз билим ва салоҳияти билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишига қатъий ишонч билдирди.

Президентимиз шу йилнинг 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари” шаклантирилишини алоҳида таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 27 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида истеъдодли ва иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, истиқболли кадрлар селекцияси орқали ҳудудларда юқори малакали давлат фуқаролик хизматчилар қатламини ва янги авлодлар орасидан кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди.

Бир неча босқичли танловлар орқали саралаб олинган энг иқтидорли, истиқболли ёшлар клуб аъзолигига қабул қилинди.

Қувонарли тарафи филиалимизнинг ёш ходими Ж.Сейткасимов ҳам клуб аъзоси деб эътироф этилди. Филиалимиз ходими Ж.Сейткасимовга муаффақиятлар тилаб қоламиз!

Филиал Матбуот хизмати.

Манба: https://joqargikenes.uz/oz/7300.html