Йилнинг энг фаол журналистлари тақдирланди

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирга мамлакатимиз медиа тузилмаларининг вакиллари, фахрий журналистлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Хўжаев миллий медиа соҳани равнақ топтириш давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади. Юртбошимизнинг соҳа ходимларига байрам табриги, бир гуруҳ журналистлар, ноширлар, ижодкорларни Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан  тақдирлагани  бунинг ёрқин далилидир. Бугун журналистлар наинки муаммони кўрсатиб бериши, балки унинг реал ечимига оид таклиф ва тавсияларини илгари суриши ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги –ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов Президентимизнинг соҳа вакилларига табриги шунчаки табрик эмас, балки самимияти, ҳаётийлиги билан ҳар бир ижодкор учун ғоят муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Янги Ўзбекистон пойдеворини, Учинчи Ренессанс асосларини яратишда оммавий ахборот воситалари ходимлари энг олдинги сафда бўлиши лозим.

«Йилнинг энг фаол журналисти» республика  танловидан кўзланган асосий мақсад журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, интеллектуал савиясини  юксалтириш, ижодкорларнинг юртимиз ҳаётидаги фаоллигини рағбатлантириш, уларни маънавий  ва моддий қўллаб-қувватлашдир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров   «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови мамлакат миқёсидаги ижодий лойиҳа бўлиб, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари, интернет журналистика соҳасида таҳририятлар томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан энг фаол журналистлар аниқланишини таъкидлади. Бунда ижодкорнинг фаоллиги, материаллар мавзуларининг долзарблиги, ижтимоий аҳамияти, улардаги  танқидий-таҳлилий руҳга алоҳида эътибор қаратилади. Танловга ўтган йилнинг  1 июнидан жорий йилнинг 1 июнгача бўлган даврда матбуот, интернет нашрлари, радио,телевидениеда чиққан, узатилган материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Ижодий ишларни баҳолашда мавзуларнинг ижтимоий аҳамиятига, сўз масъулияти, ифода маҳорати каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўттизга яқин  журналист мазкур танловда ғолиб деб топилди. Уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Танлов ғолибларидан Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси муҳаррири Зияда Тожимурадова, «Овози тожик» газетаси мухбири Мирасрор Аҳроров, «kun.uz» сайти мухбири Толиб Раҳматов соҳа ходимларига кўрсатилаётган катта эътибор учун миннатдорлик билдирди.

– Бугун Юртбошимиз томонидан бизга юксак ишонч билдирилмоқда,–деди «Sevimli» телеканали мухбири Манижа Баҳриева. – Бундай юксак ишонч сабаб зиммамизда улкан масъулият борлигини янада теран англаймиз.

Санъат усталари ижросида концерт намойиш этилди.

   Назокат Усмонова,

  Манба : ЎзА