БИЗ ЁШЛАР КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ!

Мамлакатимизда сўнги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.

Ислоҳотларни амалга  ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Бунга биргина мисол сифатида 2019 йил 27 май кунги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонини келтириб ўтсак бўлади.

Жорий йилнинг 28 май куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида «Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз!» мавзусида ташкил этилган тадбир давомида филиалнинг раҳбар-ходимлари билан барча профессор-ўқитувчилари коррупция ва унинг жамиятимиз тараққиётига зарари ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлди.

Тадбирни филиал директорининг Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Д.Жумамуратов олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси оға суриштурувчиси Ж.Ерназаров, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи И.Қунназаров, Республика Маънавият маркази Қорақалпоғистон бўлими ходими, Ўзбекистон Республикасига хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Ш.Аяпов, Республика «Тарғиботчилар» гуруҳи аъзоси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Қ.Мамбетов ва бошқалар жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жиноятни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш масалалари юзасидан фикр билдирди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

НавДКИ Нукус филиали Матбуот хизмати.