«Жорий йилда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 28 фоизга етказилади», — Президент

«Қалбингиздаги эзгу орзу-интилишларни рўёбга чиқаришда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум сизларга мунтазирдир.

Сизлар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти ҳам яратилган. Шу мақсадда 71 та олий таълим муассасасида сиртқи, 18 та олийгоҳда кечки бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги эҳтиёждан келиб чиқиб, сўнгги 5 йилда бакалавриат босқичида 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил этилди.

Олий таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич масофавий таълим шаклида ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳозирги кунда ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасасида танловларда иштирок этиш имконияти яратилди.

Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етди. Мазкур кўрсаткични жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказиш – асосий вазифамиздир.

Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида дунёнинг энг илғор олийгоҳлари билан ҳамкорликда халқаро талаблар асосида ташкил этилаётган Янги Ўзбекистон университети ҳам сиз, азиз ёшларимизни жорий йилдан ўз бағрига чорлайди».

Президент Шавкат Мирзиёевнинг битирувчиларга йўллаган табригидан. (https://president.uz/uz/lists/view/4378)