ТАШКИЛИЙ МАСАЛАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жорий йилнинг 17 май куни Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалида филиалнинг ташкилий масалалари бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Навоий давлат кончилик институти Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мардонов бошқариб борди. Унда институтнинг Ўқув ишлари бўйича проректори Н.Абдуазизов, институтнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Т.Нурмуродовлар филиалда бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, таълим жараёнлари, филиал профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини кўтариш, инновацияларни жорий этиш бўйича чиқиб сўзлади.

Шунингдек, йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси бош директорининг 2021 йил 4 майдаги буйруғи билан Нукус давлат педагогика институти Кимё ўқитиш методикаси кафедраси мудири лавозимида ишлаб келган Каипбергенов Атабек Тулепбергенович Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори лавозимига тайинланди. Шунингдек, мазкур буйруқ асосида Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали Табиий ва умукасбий фанлар кафедраси мудири лавозимида ишлаб келган Джаксимуратов Караматдин Мустапаевич Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директорининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Тадбирда шу кунга қадар филиал директори лавозимида фаолият юритиб келган, ҳозирда филиалнинг Табиий ва умукасбий фанлар кафедраси мудири лавозимига тайинланган Ф.Худойбердиевга ва филиал директорининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган И.Каландаровларга институт ва филиал раҳбариятининг миннатдорчилик хатлари ва совғалари топширилди.

Тадбир сўнгида институт раҳбарияти филиал талаба-ёшлари билан мулоқот қилдилар.

 

Филиал Матбуот хизмати.